Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида «Мақом» номли китоб-альбом нашр этилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбек халқининг ноёб мусиқий меросини асраб-авайлаш ва келгуси авлодга безавол етказишга хизмат қилувчи ушбу нашр қадимги мутафаккирлар, аллома ва шоирларнинг мақом санъатига бағишланган рисолаларига оид бўлимларни ўз ичига олган.


Китобда мазкур санъатнинг фалсафаси, Форобий, Ибн Сино, Мароғий, Кавкабий каби алломалар асарлари, турли мақом йўллари, жумладан, Бухоро Шашмақоми, Хоразм Олти ярим мақоми ва Дутор мақоми, Фарғона-Тошкент мақоми тарихига алоҳида эътибор қаратилган. «Танбур чизғилари» деб номланган миллий нота ёзувининг кашф этилиши ҳамда унинг воситасида Олти ярим мақом, Дутор мақомларининг ноталаштирилиши, шу билан бирга, ўтган аср бошларида мақомнинг илк бора перфокарталарга муҳрланиши ёритилган. Шунингдек, мақом ижрочилигида кенг қўлланиладиган созларни ясашнинг ўзига хос хусусиятлари ва технологияси баён этилиб, машҳур усталарнинг номлари келтирилган.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари маданий тараққиётида мақомнинг тутган ўрни ва мактабларини акс эттирувчи бетакрор, кенг кўламли фотокомпозициялар билан безалган нашрда мазкур йўналишдаги санъатнинг сўнгги юз йиллик тарихига оид нодир фотосуратлар ҳам ўрин олган.

Китоб-альбомга «Шашмақом. Олтин бисот» номли мультимедиа тўплами илова қилинган бўлиб, ушбу аудиоколлекция академик Юнус Ражабий бошчилигида ташкил этилган «Мақом» ансамбли томонидан 1959−1963 йиллари ижро этилган ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Олтин фондида сақланиб келмоқда.


2017 йил 17 ноябрда Ўзбекистон президентининг «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатда ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиш учун зарурий шарт-шароит яратиш, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни равнақ топтириш, мақом «олтин фонди"ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган. Асосий вазифалар қаторида Шаҳрисабз шаҳрида анъанавий тарзда Халқаро мақом санъати форумини ўтказиш ҳамда Ўзбек миллий мақом санъати маркази фаолиятини ташкил этиш белгиланган.Жорий йилда биринчи марта муваффақиятли равишда ўтказилган Халқаро форумга дунёнинг 70 дан зиёдмамлакатидан санъаткорлар, мусиқашунос-олимлар ва тадқиқотчилар, халқаро экспертлар ташриф буюрдилар.