Ўзбекистон Молия вазирлиги автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялар орқали сотилаётган табиий газ нархлари асоссиз равишда оширилганини маълум қилди.

Молия вазирлиги таҳлиллари 16 ноябрдан АГТСКларда табиий газ нархлари 300−400 сўмга (1700−1800 дан 2000−2200 сўмгача) оширилганини кўрсатди. Нархларнинг бу каби 17 фоизга оширилиши ҳеч қандай асосга эга эмаслиги таъкидланади.

16 ноябрь куни энергоресурслар тарифлари расман оширилгунга қадар АГТСКларда газ 1 куб метри учун 789,74 сўмдан (улгуржи-сотиш нархи — 289,74 сўм, махсус инвестиция устама нархи — 500 сўм) сотилган. 16 ноябрдан нархлар 800 сўмгача, яъни бор-йўғи 10,26 сўмга қимматлашган (инвестицион устама бекор қилиниб, нархга қўшиб юборилган).

«Агарда нархлар 2018 йил 15 ноябрь кунгача бўлган ҳолатга туширилмаса, вазирлик транспорт воситалари учун бензин, дизель ёнилғиси ва газ истеъмоли учун солиқ ставкасини кўпайтириш орқали ноқонуний йўл билан олинаётган даромадларни олиб қўйиш таклифи билан чиқишга ёки бошқа фискаль чораларни кўришга мажбур бўлади», — дейилади баёнотда.

Давлат рақобат қўмитаси, Ўздавнефтгазинспекция ва давлат солиқ хизмати органларига инсофсиз рақобат ҳолатларини аниқлаш ва қонунчиликда ўрнатилган чораларни кўриш мақсадида АГТСКлардаги нархлар устидан қатъий мониторинг юритиш бўйича топшириқлар берилди.