Тошкент ИИББ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистон ҳудудида айланиши тақиқланган трамадол дори воситасини сотганликда айбланган шахсларнинг ўзбошимчалик билан жазолангани тасвирланган видеоёзувни ўрганмоқда, дея хабар қилди ИИББ матбуот хизмати.

«Ушбу видеога алоқадор шахслардан бири милиция ходимлари томонидан топилган. Мавжуд маълумотларга кўра, видеода содир бўлаётган воқеалар ҳозирги кунда кимлиги аниқланган шахслар томонидан саҳналаштирилган «, — дейилади хабарда.

Бошқарма маълумотларига кўра, тасвир февраль ойи охирида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида трамадол ва «лирика» дори воситаларини тарқатишда иштирок этганларни қўрқитиш мақсадида ёзиб олинган.

Одамларни видеотасвирга туширган, ёки сўроқ қилаётган одамнинг овозини таниганлар Тошкент шаҳар ИИББга 71−281−90−91 ва 71−281−90−92 телефонлари орқали мурожаат қилишлари мумкин. Анонимлик кафолатланган.