Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Мулоқот аввалида давлат раҳбарлари қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар.

Мулоқот давомида давлат раҳбарлари олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини, шунингдек, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.

Долзарб минтақавий ва халқаро масалалар, жумладан, 2019 йилда Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик ишлари хусусида фикр алмашилди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам фаол ривожлантириш, қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари манфаатини, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик ва икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини таъкидладилар.