Самарқанд давлат университети география кафедраси ўқитувчиси Лейла Белялова BBC талқини бўйича 2018 йилда дунёдаги 100 нафар энг таъсирли ва нуфузли аёллар рўйхатидан жой олди.

61 ёшли Лейла Белялова (расмда 13-рақамда) Ўзбекистоннинг тоғли экотизимларини асраш ва турли қушлар, жумладан йиртқичларни ҳимоя қилиш устида иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон вакиласидан ташқари, рўйхатга собиқ Иттифоқ мамлакатларидан қизлар учун Космик мактабга бошчилик қилаётган 18 ёшли қирғизистонлик Алина Анисимова, икки россиялик — болалигида танасининг қарийб 50 фоизи куйиш жароҳатини олган 18 ёшли модел Светлана Алексеева ҳамда болаликдан мия фалажлиги билан яшаб келаётган ёзувчи Тамара Черемнова ҳам киритилган.

Бундан ташқари, ёмғир сувидан энергия олиш билан шуғулланувчи Rainergy компанияси асосчиси озарбайжонлик 16 ёшли тадбиркор қиз Рейхан Жамалова ҳамда 63 ёшида модел бўлган украиналик 66 ёшли мусиқа ўқитувчиси Лариса Михальцова ҳам рейтингдан жой олди.

BBC 100 Women ҳар йили дунёдаги энг нуфузли аёлларини аниқлайди. 2018 йилда унга дунёнинг 60 мамлакатидан 15дан 94 ёшгача бўлган аёллар киритилди. Улар орасида давлатлар раҳбарлари, кашфиётчилар ва кашфиётчилар, шунингдек оддий ишчилар ҳам бор.