Тошкентда шу кунларда бўлиб ўтаётган қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ўсмир қизлар ўртасидаги жаҳон кубогида Ўзбекистон спортчилари тарихда илк маротаба кубок шоҳсупасига кўтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Мусобақанинг жамоавий йўналишида иштирок этган спортчи қизлар турнир давомида Молдова ва Германия терма жамоаси вакилларини мағлуб этди. Финал босқичида эса россиялик рақибларга мағлуб бўлди ва кумуш медалларни қўлга киритди. Баҳсларда Ўзбекистон шарафини Зайнаб Дайибекова, Севинч Исмоилова, Шахноза Тоғаймуродова ва Айсулу Уснатдинова ҳимоя қилди.


Яккалик баҳсларида бош мукофотга болгариялик Йоана Илиева эга чиқди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда россиялик спортчилар Валерия Кобзева ва Алина Михайловага насиб қилди.

Қайд этиш лозимки, мазкур натижадан сўнг қизлар жаҳон рейтингида 12-ўринга кўтарилди. Осиё қитъасида эса кучли учликка кириб олди.