Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхонанинг қурилиши учун тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда «Зарафшон» газетасининг сайтида хабар берилди.

Яқинда Хитойнинг нуфузли «GANSU HENGYA CEMENT Co LTD» компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг «Zamon injiniring» корхонаси ҳамкорлигида «HENGYUAN CEMENT» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасига асос солинган эди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов амалга оширилаётган лойиҳанинг истиқболли келажаги ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида гапирди. Хитойнинг «GANSU HENGYA CEMENT Co LTD» компанияси бош директори Чжай Ваньмин давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик самараси бўлган ушбу корхона ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини эътироф этди.

Лойиҳа қиймати 420 млн. АҚШ долларига тенг бўлган мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши билан бу ерда йилига 2,4 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Завод қурилишининг биринчи босқичи 2018−2020 йилларда амалга оширилади ва бу босқичда 220 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга дастлабки блок ишга туширилади.

Иккинчи босқич 2020−2023 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа якунлангач мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.