Францияда шанба куни 250 мингга яқин киши мамлакатда дизель ёқилғиси ва бензин учун солиқлар ҳажми оширилишига қарши «сариқ жилетлар» намойишларида иштирок этди, дея хабар қилди BBC рус хизмати.

Намойишлар вақтида 100 дан ортиқ киши жароҳатланди, 50 нафарга яқин киши полиция томонидан ушланган бўлса, намойиш иштирокчиси бўлган 63 ёшли аёл ҳалок бўлди.

Акция қатнашчилари бутун мамлакат бўйлаб йўлларда ҳаракатланишни тўхтатиб қўйди. Парижда акция юриш ҳамда пиёдалар ўтиш йўлларида ҳаракатга халал бериш кўринишларида ўтказилди. Намойишчилар Елисей саройига етиб борганида, полиция кўзда ёш оқизувчи газдан фойдаланди.

Бир йил давомида мамлакатда дизель ёқилғиси ўртача 23 фоизга ўсиб, бир литри 1,51 еврога етди. Нархлар Эммануэль Макрон ҳукумати дизель ёқилғиси ва бензин учун солиқларни оширгани муносабати билан кўтарилди.

Мамлакат президенти экологик тоза ёқилғи ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги ишланмаларни рағбатлантириш, шунингдек мамлакатнинг нефтга қарамлигини камайтириш учун солиқларни ошириш зарурлигини таъкидламоқда.

2019 йил бошида нархларнинг яна бир бор ошиши кутилмоқда ва бу «сариқ жилетлар» ҳаракатининг вужудга келишига замин яратди. Акция номи эса ҳар бир машинада бўлиши мажбурий ҳисобланган жилет ранги билан боғлиқ. Расмий етакчилари бўлмаган ҳаракат жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда ва унда тез-тез президент истеъфосига чақириқлар янграмоқда.

Намойишлардан сўнг бош вазир Эдуар Филипп кам даромадли ҳайдовчиларга молиявий ёрдам ажратилиши тўғрисида маълум қилди.