18 ноябрь куни эрталаб австралиялик марафончи хоним Гули Емма Серафина Линдсей (Guli Mina) Нукусдан Орол денгизи сари югуриб кетди. Бутун дунё бўйлаб 100 кун ичида 100 та марафонни амалга ошираётган австралиялик хонимнинг мақсади — дунё ҳамжамияти эътиборини сув муаммосига қаратишдир, дея хабар қилди ЎзА.

«Мен амалга ошираётган тадбир „Юз марафон, Юз кун, Битта сабаб: Сув“ деб номланади. Қорақалпоғистонга ташрифимдан мақсад бу Орол атрофида муаммони кўрсатиш эмас, балки ушбу муаммони бартараф қилишда одамларнинг бирлашаётганини кўрсатиш ҳамда бутун дунё ҳамжамиятининг шунга эътиборини жалб қилишдир, — дейди марафончи Гули Мина. — Орол муаммосини бартараф қилишда халқингиз томонидан кўп ишлар амалга оширилгани мени мамнун қилди ва мен буни бошқаларга эълон қилиш ниятим бор. Менинг орзуим — бутун дунё аҳли бирлашиб Сизларга ёрдам бериши. Чунки, Орол муаммоси нафақат Оролбўйи минтақаси, балки бутунжаҳон муаммодир».


Стокгольмдаги Глобал сув ҳамкорлиги (GWP) ташкилоти ҳамда БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида ўтказилаётган «Юз марафон, Юз кун, Битта сабаб: Сув» спорт-тарғибот акцияси бутун дунё бўйлаб ўтказилмоқда. Акция ижрочиси Гули Минага шифокор, ошпаз, видеоператор, фотограф, экспедиция раҳбари ҳамроҳлик қилмоқда. Улар Ўзбекистонда, Оролбўйида ушбу тадбирни 7 кун давомида амалга оширади.

Мазкур тадбир жорий йил 4 ноябрь куни Нью Йорк шаҳридан бошланган. Марафончи ҳар куни 42,2 км масофани югуриб ўтади. Орол денгизигача бўлган марафонни уюштиришда Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси агентлиги ҳамкорлик қилмоқда.

Акция иштирокчилари марафон давомида Мўйноқдаги «Кемалар қабристони"га ташриф буюради, сўнг Учсой қишлоғи орқали 160 км узоқлаб кетган Ғарбий Орол соҳилларига қараб югуришни давом эттиради. Қайтишда эса Мўйноқдаги Дарёоралиғи сув сақлагичига боради. Марафончининг келгуси сафари Хитой давлатида давом этади.

Австралиялик марафончи хоним Гули Емма Серафина Линдсей Нукус шаҳрида марафон олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Бахитжан Сагийдуллаев билан учрашди.