Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Латвия Республикаси эълон қилинганининг 100 йиллиги муносабати билан президент Раймондс Вейонисни қутлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.

1918 йилнинг 18 ноябрь куни Ригада «Мустақиллик тўғрисидаги акт» қабул қилиниб, унга кўра Латвия мустақил давлатга айланган эди. Бироқ шундан кейин ҳам мамлакатда икки йил давомида ҳокимият тепасидаги Антанта томонидан қўллаб-қувватланувчи Карлис Улманиснинг буржуа ҳукумати ва собиқ Иттифоқ кўмаги остидаги социал-демократлар ўртасида ҳарбий ҳаракатлар давом этди. Якунда 1920 йилнинг 11 август куни Ригада собиқ Иттифоқ ва Латвия ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиб, Латвия Республикаси мустақиллиги тан олинади. 1921 йилнинг 26 январида эса Биринчи жаҳон урушида ғолиб чиққан мамлакатлар - Антантанинг бошқа мамлакатлари ҳам Латвия мустақиллигини тан олади.

Бироқ Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Латвия собиқ Иттифоқнинг бир қисмига айланади ва 1991 йил августига қадар унинг таркибида қолади. 18 ноябрь латиш халқи учун муҳим аҳамиятга эга сана ҳисобланади. Чунки айнан шу куни Латвия тарихида илк бор мустақил парламент республикасига айланган.