Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи қассоб Анвар Оллаберганов 2016 йил 20 октябрида фуқаро М.Абдураҳмонованинг 9 бош қорамолини 13 млн сўмга сотиб олади. Аниқроғи қассоб бу молларнинг пулини узоғи билан икки ой ичида эгасига қайтаришга ваъда беради. Бироқ бу ваъдаларни бажармайди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг раиси Бобир Умаров «Газета.uz"га маълум қилди.

Шундан сўнг Анвар Оллаберганов орадан кўп ўтмай фуқаро Д.Машарипованинг 5 млн сўмга баҳоланган — бир бош, У.Жуманиёзовнинг 8 млн сўмлик икки бош, Ж.Қутлимуродованинг 20 миллион сўмлик беш бош, Э.Абдуллаевнинг 9,2 млн сўмлик бир бош қорамолини насияга қўлга киритади.

Насияга сотилган моллар орадан бир-икки кун ўтмаёқ, кушхонада сўйилиб, гўшти бозорда сотилади, пуллар эса ўзлаштириб юборилади. Фақатгина мол эгаларининг қистовлари билан М.Абдураҳмоновага 4,5 млн, Д.Машариповага 3,3 млн, Ж.Қутлимуродовага 9 млн ва Э.Абдуллаевга 1,2 млн сўм қайтарилади. Яна бир сотувчи У.Жуманиёзов эса ўзига тегишли 8 млн сўмнинг бир тийинини ҳам ололмади. Қассоб 37,2 млн сўмни ўз чўнтагига уради.

Асли қўшкўпирлик Озодбой Отамуродов эса Урганчнинг гавжум жойларидан бирида дўкон очиб, улушдорлик асосида «Кока-кола» ичимлиги савдосини йўлга қўяди. Тез орада унинг дўконига «Кока-кола» учун пул тикишга тайёр ҳиссадорлар сафи ортиб боради.

Жумладан, К.Иброҳимов жами 140 млн, Р.Матчонов 94 млн, Б.Шерниёзов 40 млн сўм пул «тикади». Озодбой Отамуродов бу пулларни мўмай фоизлар билан эгаларига қайтариш, даромаддан ҳам улуш ажратиш, пировардида олинган пулларнинг барини яхлит ҳолда қайтариб беришга қаратилган ваъдаларини беради.

Дўкондор дастлаб сўзида турди. Олинган пулнинг сон-салмоғи ва ҳажмига қараб ҳиссадорларга фоиз ва даромад пулларини тўлашни канда қилмади. Натижада К.Иброҳимовга кўрилган даромаднинг 24 млн сўми, Б. Шерниёзовга 10 миллион сўми қайтарилади. Яна бир фуқаро Р.Матчонов эса бундай улушдан бебаҳра қолди. Учала фуқародан ундирилган жами 274 млн сўм пулдан ташқари олинган даромаддан берилиши лозим бўлган улуш ҳам беиз йўқолади. О. Отамуродов буни савдо-сотиқ ишлари юришмай қолгани, бозори касод бўлганига оид баҳоналар билан изоҳлайди.

А.Оллаберганов ва О.Отамуродовнинг фирибига чув тушганлар охир-оқибат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Натижада ўзгалар пулини ўзлаштириб олганларнинг иши тергов ва судга тушди.

А.Оллаберганов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «б» банди, О. Отамуродов эса шу модданинг 4-қисми «а» банди бўйича жавобгарликка тортилди.

А. Оллабергановга оид жиноят ишини батафсил кўриб чиққан дастлабки босқич суди уни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Айбланувчи томонидан жами 37,2 млн сўм пул мол эгаларига қайтарилгач, А. Оллабергановни озодликдан маҳрум қилиш юзасидан чиқарилган суд ҳукми ўзгартирилди. Судланувчи 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилди. Маҳкум суд залидан озодликка чиқди.

О.Отамуродов ҳам бўйнидаги 274 млн сўмлик қарзини суд жараёнидаёқ узгани сабабли айбланувчи 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди ва қамоққа олиш юзасидан унга нисбатан муқаддам қўлланилган эҳтиёт чораси бекор қилинди.

Бобур Умаровнинг қайд этишича, фирибгарликка оид ишлар юзасидан етказилган зарарни қоплаш бўйича чиқарилган суд ҳукмлари қониқарсиз тарзда ижро этилмоқда. Жиноят ишлари бўйича вилоят, шаҳар ва туман судлари жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жами 10,7 млрд сўмни ҳукм йўли билан ундириш юзасидан айбдор шахслар зиммасига аниқ мажбуриятлар юклади. Бироқ ўтган вақт ичида ушбу миқдордаги пулларнинг атиги 550 млн сўми ундирилган холос.