Профессионал рингда фаолият олиб бораётган боксчи Азизбек Абдуғофуров бугун Филиппинда ўзининг навбатдаги жангини ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Жангда ўзбекистонлик боксчига хитойлик Вужати Нуерланг рақиблик қилди. Баҳс тўлиқ 12 раунд давом этди ва якунда ўзбек боксчиси очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди (117:111, 118:111, 117:110).

Ушбу ғалаба орқали Абдуғофуров ўзининг WBC Silver камарини муносиб ҳимоя қилди.

Маълумот учун, Азизбек Абдуғофуровнинг профессионал боксдаги жанглари сони бугунгиси билан қўшиб ҳисоблаганда 12 тага етди. У жангларининг барчасида ғалаба қозонган. Тўртта жангда у рақибларини нокаутга учратган. Нуерланг эса бугун фаолиятидаги 13-жангини ўтказди. У бунгача 11 маротаба рақибларини мағлубиятга учратган (9 тасида нокат эвазига). Абдуғофуровга қарши жангда у фаолиятидаги иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.