Қорақалпоғистонда 128 нафар аёлнинг уй-жой олиши учун 5,2 млрд сўм бошланғич тўлов тўлаб берилди, дея хабар қилди ЎзА Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати хабарига асосланиб.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистонда 303 нафар аёл уйли бўлди. Шундан Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ногиронлиги бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 128 нафар аёлга 5 млрд 22 млн сўм миқдорида уй олиш учун дастлабки бадал пуллари тўлаб берилди.

Яқинда қўмита томонидан тахиатошлик 11 нафар аёлга уйларнинг калитлари топширилиши ҳам аёллар бахту иқболини, саодатли яшашини таъминлашдек эзгу ишлар билан ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси давлат раҳбарининг 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда аёллар тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, мамлакат иқтисодиётида аёллар тадбиркорлиги улушини ошириш, хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида Қорақалпоғистон Республикасига 3,2 млрд сўм ажратилган. Кредит маблағлари йиллик 7 фоиз шарт билан аёллар тадбиркорлигини бошлаш ёки ривожлантириш мақсадида тақдим этилди.

Жорий йилги маълумотларга кўра, Қорақалпоғистонда 20 мингга яқин ишсиз аёл аниқланган. Ҳозирда улардан 18 минг 184 нафарини иш билан таъминлашга эришилган.