Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилояти бошқармаси томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда салкам 530 миллион сўмлик миқдордаги дори воситалари йўқ қилинди. Бу ҳақда «Namnews.uz» ахборот-таҳлилий порталига МИБ вилоят бошқармаси хабар берди.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2009 йил 15 июлдаги «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» қарорида ҳуқуқбузарлик ашёси тариқасида олинган, бирон-бир ҳужжати йўқ этил спирти, тамаки ва алкоголли маҳсулотлар, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари, озиқ-овқатга биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, экспертиза хулосасига кўра истеъмолга яроқсиз, деб топилган товарлар йўқ қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.

«Наманган дори-дармон» акциядорлик жамияти дорихоналар омборхонасида сақланаётган қарийиб 90 турдаги дори воситаларини йўқ қилиш тадбирида ҳар бир маҳсулот яна бир бор кўздан кечирилди. Тегишли далолатнома расмийлаштирилди ва махсус печ ёрдамида ёқиб юборилди.