«Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг HY-427 Тошкент-Мумбай рейси самолёти йўловчилардан бирида юрак хуружи рўй бергани туфайли Самарқандга фавқулодда қўнди. Бу ҳақда авиаташувчи Telegram-каналида хабар берди. Трапда йўловчини тез тиббий ёрдам каретаси кутиб олди ва уни вилоят марказидаги шифохоналардан бирига олиб кетди.

Самолёт 00:05 да Тошкентдан ҳавога кўтарилди. Самолёт учишдан кўп ўтмай, Афғонистон ҳудудига кирган вақтда йўловчи ўзини ёмон ҳис қилди. Йўловчининг аҳволини баҳолаган экипаж шошилинч равишда ортга қайтиш ҳамда уни йирик шаҳарлардан бирининг аэропортига етказишга қарор қилди.

Самарқанд яқин ва йўловчини қабул қилишга қодир йирик тиббий муассасалар мавжуд энг мақбул шаҳар бўлиб чиқди.

Йўловчи касалхонага ётқизилгандан сўнг, самолёт парвозни давом эттирди ва бир оз кечикиш билан соат 6: 15да Мумбайга қўнди.

Uzbekistan Airways компанияси йўловчилардан ноқулайликлар учун кечирим сўради.