Ўзбекистон «Мудофаа тўғрисида"ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 15 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ҳужжат Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланди.

Лойиҳага Ўзбекистоннинг ҳарбий-техника соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини киритиш таклиф қилинмоқда.

Ҳужжатга кўра, у Ўзбекистон Қуролли Кучларини янги намунадаги қурол-яроғлар, ҳарбий ва махсус техникалар билан таъминланиши зарурлигига кўра амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қаторидан халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги бандлар ҳам ўрин олган.

Ўзбекистон январда янги Мудофаа доктринасини қабул қилди. Ҳужжат бошқа хорижий мамлакатлар билан хавфсизлик ва мудофаа соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Янгиланган доктринада қўшинларни замонавий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш ҳамда мустақил мудофаа-саноат мажмуасини яратиш ҳам кўзда тутилган.

2017 йил ноябрида Ўзбекистон мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди. У қурол-аслаҳалар, ҳарбий техникалар, мол-мулк, озиқ-овқат ва бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш ишларини олиб боради.