Иш берувчилар ходимларга иш ҳақи ҳисоблаш пайтида улардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномаларни талаб қилиши ноқонуний, дея маълум қилди Адлия вазирлиги.

Сўнгги 5 ой давомида марказлар томонидан 81 мингдан ортиқ маълумотномалар берилган (мазкур хизмат июнда ишга туширилди). Адлия вазирлиги ўтказган мониторинг натижалари, асосан, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари иш берувчилари томонидан шу каби маълумотномлар талаб этилаётганлигини кўрсатди. Хусусан, Ўзбекистон туманида (Фарғона) 75 та ва Жондор туманида (Бухоро) 65 та ҳолатда тиббиёт муассасалари ходимларидан иш берувчилари маълумотномалар талаб этганлиги фактлари аниқланди.

Бу каби маълумотномалар талаб этилишининг сабабларидан бири сифатида, айрим ҳолларда солиқ органларининг ер ва мулк солиқларини ўз вақтида ундиришда амалий ёрдам бериш ҳақидаги хатлари асос бўлиб, бунда ходимлар давлат хизматлари марказига мурожаат этишга мажбур бўлишган.

«Манфаатдор идора ва ташкилотлар, зарур ҳолларда, солиқ органларидан бу каби маълумотларни сўровнома юборган ҳолда мустақил олишлари мумкин. Бунда, ходимда солиқ қарздорлиги аниқланса, иш берувчи қарздорликни ундириш ҳақидаги суд ёки давлат ижрочисининг ҳужжати асосида унинг ойлик маошидан ушлаб қолиш ҳуқуқига эга», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Қонун ҳужжатлари билан жисмоний шахслардан қуйидаги ҳолларда солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномалар талаб этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган, масалан:

фуқаролар турар жойларни алмаштириш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза берганда ёки мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатсиз 15 йил давомида ер участкасига эгалик қилган шахс мурожаат этганда;

мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик амалга оширилганда;

кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш битимлари нотариал тасдиқланганда ва бошқа шу кабиларда.

Иш берувчи томонидан қонунда белгиланмаган маълумотномалар ёки ҳужжатлар тақдим этиш талаб қилинса ёхуд бунга мажбурланса, Адлия вазирлигининг 1008 қисқа рақамли ишонч телефонига ёки info@minjust.gov.uz электрон почтаси ва ижтимоий тармоқлар (Фейсбукдаги «Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией» гуруҳи, Одноклассники ва бошқалар) орқали мурожаат этиш мумкин.