13 ноябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Ўзбекистон бош консулхонаси жойлашган бино қаршисида мамлакат давлат байроғини тантанали кўтариш маросими бўлиб ўтди. Бош консулхона манзили: Карл Либкнехт кўчаси 22-уй.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов, Свердлов вилояти Халқаро ва ташқи савдо вазири Василий Козлов, Россия ТИВнинг Екатеринбургдаги Вакили Александр Харлов, Екатеринбургда аккредитация қилинган бош консуллар, бошқа расмий шахслар ва ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.

Шу куннинг ўзида консуллик муассасаси очилиши шарафига Свердлов вилояти расмий шахслари, чет эллик дипломатлар, бизнесменлар ва ўзбек диаспораси вакиллари ҳамда Свердлов вилояти Губернатори Евгений Куйвашев иштирокида расмий қабул бўлиб ўтди.

«Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, Урал федерал округи ва Свердлов вилояти маъмурий марказида жойлашган янги дипломатик ваколатхона Ўзбекистон ва Россия минтақаларини, икки давлат халқларини боғловчи яна бир кўприк бўлади», — дейилади хабарда.

Шу куннинг ўзида бош консулхонанинг биринчи тадбирларидан бири — «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» номли мамлакат туристик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди.

Барча ташкилий масалалар ҳал этилгунига қадар бош консулхона томонидан ҳозирги вақтда фақат консултатив кўмак кўрсатилмоқда (WhatsApp ва Telegram рақами +79655194222).