GM Uzbekistan Damas ва Labo автомобиль моделларини сотиб олиш учун аризаларни қабул қилишни тўхтатди. Автоишлаб чиқарувчи хабарига кўра, ҳозирги кунга келиб 128274 та ариза, жумладан Damas учун 99563 та ва Labo учун 28711 та (24 августдан 6 ноябрга қадар инвентаризация натижаларига кўра, харидорлар томонидан 11,1 мингдан ортиқ ариза ва контракт бекор қилинган) мавжуд.

8 ноябрь ҳолатига кўра, дастлабки тўловни тўлаш учун 27 минг шартнома (Damas учун 23 минг ва Labo учун 4000 та) мавжуд. Бу 2019 йил ишлаб чиқарилиши режалаштирилган, прогнозга кўра, 54 минг автомобилнинг (бу йил — 42 минг) ярмига тенг демакдир. Мавжуд аризаларни кўриб чиқиш тугагунга қадар янгиларни олиш вақтинчалик тўхтатилади.

«Компания мазкур моделлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда», — дейилади GM Uzbekistan хабарида. Компания вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўради.