Тошкентда Маданият вазирлиги ҳамда Театр арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида Ёш режиссёрларнинг «Дебют-2018» V республика кўрик-фестивали ўтказилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу фестиваль 15−20 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланган. Кўрик-фестивалини ўтказишдан мақсад, ёш режиссёрлар, ёш актёр, драматург ва саҳна рассоми соҳалари бўйича ижодкорларни аниқлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш, миллий ва умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи бадиий баркамол саҳна асарлари яратишлари учун ёш ижодкорларда тажриба ҳамда профессионал маҳоратнинг шаклланишига кўмаклашиш ва ривожлантиришдир.

Кеча соат 17:00 да Ўзбек миллий академик драма театри фойесида театр актёрлари турли образларда фестивалга ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олишди, турли кўргазмалар ташкил этилди, сўнг Маданият вазирлиги бошқарма бошлиғи ва театрнинг устоз ижодкорлари томонидан «Дебют-2018» V республика кўрик-фестивалининг тантанали очилиши бўлиб ўтди.

Унда маданият вазирининг фестиваль иштирокчиларига йўлланган табрикномаси ўқиб берилди.

Шундан сўнг, ёш ижодкор режиссёр томонидан Чингиз Айтматов асари асосида саҳналаштирилган «Оқ кема» спектали намойиш этилди.

Спектаклда кўтарилган мавзу инсонлар орасидаги меҳр-оқибат, оилага бўлган эътибор, дўстга садоқат, Ватанга муҳаббат кабилардан иборат.

Эслатиб ўтамиз, беш кун давомида ўтадиган «Дебют-2018» V республика кўрик-фестивалига томошабинларни кириши бепул.