«Ўзбеккўмир» корхонаси устав капиталидаги «Ўзбекистон темир йўллари"га тегишли 45 фоизлик акциялар пакетини Россиянинг «Прогресс Гор Тех» МЧЖ ишончли бошқарувига топшириш режалаштирилмоқда.

Темир йўл компанияси томонидан тайёрланган ««Ўзбеккўмир» акционерлик жамияти самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбеккўмир» АЖ («Шарғункўмир» билан бирга) 2017 йил июлида давлат раҳбари қарори билан «Ўзбекистон темир йўллари» таркибига киритилган эди. Ўтган йилнинг ноябрида унитар корхонаси этиб қайта ташкил этилди.

Ишончли бошқарувга топшириш тўғрисидаги шартномани уч йил муддатга имзолаш режалаштирилган бўлиб, 2019 йил 1 июнга қадар тасдиқланиши режалаштирилган «Ўзбеккўмир» АЖ бизнес-плани параметрларига эришилган тақдирда, мазкур муддат узайтирилиши мумкин.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, ишончли бошқарувчи корхонани бошқаришга хорижлик мутахассисларни жалб қилиши, унинг ижро органи ва ташкилий тузилмасини ўзгартириш, техник ва ишлаб чиқариш сиёсатини шакллантириш, ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш стратегияларини аниқлаш бўйича таклифлар киритиши мумкин.

Россия юридик шахслар ягона давлат реестримаълумотларига кўра, «Прогрессгортех» МЧЖ (айнан шундай ёзилган) Москвада (Большая Якиманка кўчаси, 1 манзилида) жорий йил 15 октябрь куни рўйхатдан ўтказилган бўлиб, устав капитали 10 минг рублни ташкил этади. Компания бош директори сифатида Вадим Михайлович Фалько, таъсисчиси — Николай Геннадьевич Емельянов кўрсатилган. Асосий фаолият тури — «Холдинг компаниялар».