Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мамлакатдаги футбол мураббийларининг малакасини ошириш, мураббийлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида «Чиғатой» спорт базасида ОФК дастури асосида PRO дипломи учун халқаро мураббийлик курслари бошланди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Ўқув курсларининг очилиш маросимида ЎФА бош котиби Сардор Раҳматуллаев, ПФЛ бош директори Омон Ғофуров, ФИФА инструкторлари Гарри Филипс ва Бадр Аҳмад, шунингдек, бошқа расмий шахслар иштирок этди.

«Ўзбекистонга яна ташриф буюрганимдан хурсандман. ФИФА инструктори сифатида юртингизга учинчи марта келишим. ЎФА томонидан ушбу халқаро ўқув курсларини ўтказишда кўрсатилаётган ёрдам учун катта миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Мен бу ерга шундоқ ҳам ўз ишини устаси бўлган мураббийларни ўқитиш учун эмас, шунчаки ўз билимларим билан ўртоқлашиш учун келганимни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман», — деди Гарри Филипс очилиш маросимида сўзлаган нутқида.

PRO дипломи учун ўтказилаётган халқаро мураббийлик курсларида Рўзиқул Бердиев, Улуғбек Бақоев, Жаъфар Ирисметов, Нўъмон Ҳасанов, Жасур Абдураимов, Ҳамид Актамов каби машҳур мутахассислар иштирок этмоқда.