Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси жамоатчиликка мурожаат қилиб, Ўзбекистондаги учта музей муаммоларини ҳал этиш бўйича таклиф ва мулоҳазаларни юборишни сўради.

13 ноябрдан бошлаб хоҳловчилар жамғарманинг Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларида музейлар муаммоларини ҳал этиш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини қолдиришлари мумкин.

Музейларни реновация қилиш дастуридан Ўзбекистон амалий санъат музейи, Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғиcтон давлат санъат музейи ҳамда Ойбек уй музейи ўрин олган. Жамғарма мазкур музейларга ташрифлар сонини ошириш ва уларда хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш учун қатор чораларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

«Ўзгаришни талаб қилувчи барча жиҳатларни ҳисобга олиш учун биз синов тариқасида ҳар бир ўқувчидан юқорида тилга олинган музейлар фаолияти бўйича таклиф ва мулоҳазаларни ёзишни сўраймиз, — дейилади жамғарма хабарида. — Музейларга боринг, ўз кузатувларингизни изоҳларда биз билан бўлишинг. Ҳар бирингизнинг фикрингиз муҳим».

Реновация дастури август охирида иш бошлади. Қамраб олинган уч музейда давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида тадбиркорлик субъектлари ҳамда инсонпарварлик маблағларини жалб қилган ҳолда ўзини ўзи таъминлаш моделини жорий этиш режалаштирилмоқда. Уларда 3D-визуализация ва голограммалар, QR-кодлар ва хорижий тиллардаги электрон гидлар каби интерактив технологиялар жорий этилади.