Давлат хизматлари агентлиги делегацияси ҳужжатларни рақамлаштириш учун профессионал ускуналар ишлаб чиқарувчи машҳур «MICROBOX GmbH» компаниясига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Иш сафарининг асосий максадлари ичида — давлат хизматлари соҳасини рақамлаштириш борасидаги икки мамлакат ваколатли органлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, замонавий сканерларни бошқариш учун ўқув машғулотлари, шунингдек, архив маълумотларини рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш каби режалар мавжуд. Бундан ташқари, Ўзбекистонга замонавий сканерлаш ускуналарини етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилган куниданоқ ўзини инновацион жараёнларини ҳаракатлантирувчи куч сифатида намоён қилди. Шу боис, Давлат хизматлари марказлари тизимида янги — архивариус лавозимини жорий этиш ҳисобига ФҲДЁ органлари архив ҳужжатларини тақдим этиш жараёнида уларни қўлда излашдан воз кечиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 2022 йил 1 январга қадар автоматлашган «ФҲДЁ ягона электрон архиви» тизимини шакллантириш режалаштирилган.

«MICROBOX GmbH» томонидан тақдим этилаётган профессионал ечимлар дунёдаги энг яхшилар қаторига киради. Мутахассисларнинг айтишича, мазкур ускуналар рақамли архивларни яратиш бўйича деярли ҳамма вазифаларни бажариши мумкин.