Инновацион технопарклар давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритадилар. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Ҳужжатда технопарк мақомини бериш тартиби ва шартлари, унинг фаолият йўналишлари ва функциялари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклик шакллари ва ҳ.к. назарда тутилган.

Бошқалар қатори «технопарк» тушунчаси очиб берилган. Оддий қилиб айтганда, у инновацион маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни ташкил этиш ва инновацион фаолият натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этишга хизмат қилади. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат рўйхатидан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтимизнинг Юнусобод, Сергели, Яккасарой туманларида бир нечта технопаркка; «Яшнобод» технопаркига; ТТЕСИ ҳузурида Ўқув-амалий тўқимачилик технопаркига асос солинган.

Технопарклар қуйидаги соҳаларда илмий тадқиқотларни, саноатда тажриба синовларини ўтказишга, инновацион намуналарни ўзлаштириш учун беришга ихтисослаштирилиши кутилмоқда:

  • кимё технологиялари, биотехнологиялар, фармацевтика ва тиббиёт биотехнологиялари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари;
  • материалшунослик, металларга ишлов бериш технологиялари, сейсмик чидамлилик, қурилиш материаллари;
  • озиқ-овқат саноати;
  • энергия тежаш, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқариш;
  • электрон ўлчов асбоблари, робот техникаси, машинасозлик, электр техника.

Технопаркларни ташкил этиш ва тугатиш вазифаси Инновацион ривожланиш вазирлигига юклатилди. Технопарк фаолиятини дирекция бошқаради. У резидентларни жалб этиб, унинг ҳудудида жойлаштиради.

Технопарклар ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат-хусусий шерикликнинг қуйидаги шакллари таклиф этилмоқда:

  • технопарклар бинолари қурилиши учун ер участкаларини бепул асосда доимий фойдаланишга бериш;
  • инновацион фаолият юритиш учун бўш турган давлат объектларини «ноль» харид қийматида бериш;
  • фойдаланилмаётган бинолар ёки корпусларни хусусий шерикларга узоқ муддатга бепул фойдаланишга бериш;
  • концессия асосида қурилиш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ёки бинони ажратиш;
  • хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил этилган инновацион технопаркларни моддий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлаш.

Лойиҳалар давлат ёки хусусий шерик ташаббусига кўра келишув асосида амалга оширилади.

Ажратиладиган ер участкаларини, шунингдек фойдаланилмаётган бўш турган биноларни вилоят ҳокимликлари Инновацион ривожланиш вазирлигининг тақдимномасига кўра белгилайдилар. Уларнинг ўзлари бўш турган давлат объектлари «ноль» харид қийматида узоқ муддатли бепул фойдаланишга берилишини таъминлайдилар.

Технопарк мақомини қандай олиш мумкин?

Бунинг учун қуйидагилар мавжуд бўлиши талаб этилади:

а) инновацион лойиҳа ҳамда ваколатли органнинг ижобий хулосаси;

б) қуйидагилар назарда тутилган технопаркни ташкил этиш ва ривожлантириш концепцияси:

имкон қадар кўп сонли резидентларни жалб этиш ва технопарк ҳудудида жойлаштириш;

технопарк резидентларига зарур сервис хизматларини кўрсатиш;

технопарк резидентларини қўллаб-қувватлаш, ш. ж.: инвесторларни жалб этиш учун инновацион лойиҳаларга эксперт баҳоси бериш, инновацион фаолиятнинг ахборот таъминоти, офис, лаборатория ва ишлаб чиқариш майдонларини имтиёзли шартларда тақдим этиш;

в) алоҳида ҳудуд доирасида умумий майдони камида 1000 м² технопарк эгаллаган ишлаб чиқариш ва офис бинолари;

г) фаолият юритаётган коммуникациялар, алоқа, кичик ишлаб чиқаришлар, лабораториялар, таркибий бўлинмалар ва ҳ.к. бўлган ишлаб чиқариш ва офис бинолари. Улар «ғоядан тажриба намунасигача ва, кейинчалик, саноат маҳсулотигача» принципи бўйича инновацион фаолиятнинг тўлиқ цикли учун технопарк резидентларига берилади;

д) инновацион корхоналарнинг кузатув (эксперт) кенгаши, ўқув маркази, сервис хизматлари маркази;

е) технопаркни ривожлантириш учун захира майдонлар.

Ким маблағ ажратади?

Технопарк лойиҳалари қуйидаги манбалардан молиялаштирилиши режалаштирилмоқда:

  • давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг маблағлари;
  • жалб этиладиган инновацион фаолият субъектларининг бюджетдан ташқари манбалардан олинган маблағлари, ш. ж. кредит, халқаро, суғурта ташкилотлари, инновацион венчур фондлар ва бошқа инвесторларнинг маблағлари;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий ажратган маблағлари;
  • кредитлар ва грантлар;
  • хорижий ва маҳаллий инвестициялар;
  • технопаркнинг инновацион ва илмий-тадқиқот, маслаҳат бериш ва бошқа фаолиятидан олинган маблағлари;
  • бошқа тақиқланмаган манбалар.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.