13 ноябрь куни учинчи марта Ёшлар стартап-ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури старт олди, дея хабар қилди БМТТД матбуот-офиси «Газета.uz"га.

Дастурнинг учинчи даврасида саралаш натижаларига кўра, Тошкентдан 32 та стартап-лойиҳа иштирок этади. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидан тақдим этилган лойиҳаларни саралаш учун алоҳида танлов ўтказилади — жорий йилда дастур мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади.

Энг кўп электрон тижорат, етказиб бериш бўйича хизматлар соҳасидаги лойиҳалар тақдим этилганига қарамасдан, жорий йилда онлайн-таълим, қишлоқ хўжалиги, краудфандинг соҳаларидаги лойиҳалар ҳам ривожлантирилади.

Дастур аввалида беш кунлик интенсив семинар ташкил этилиб, иштирокчиларга Lean Startup («тежамкор стартап») методологияси бўйича стартапни ишга тушириш асослари ўргатилади. Таълимий қисмдан сўнг ёш тадбиркорларга лойиҳани амалий жиҳатдан юзага чиқариш бўйича машғулотлар ўтказилади — лойиҳани ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» тузилади, прототип яратилади ва синов тариқасида сотиш ишлари бошланади.

Дастур жараёнида трекерлар (тажрибали устозлар) лойиҳаларни йўналтиради ва маслаҳатлар бериб боради.

Дастурнинг ҳар бир босқичида иштирокчилар учун маркетинг, солиққа тортиш, бизнес юритишнинг юридик жиҳатлари бўйича манзилли мастер-класлар ташкил этилади. Бир қатор мастер-класс ва воркшопларни Россия, Жанубий Корея, Буюк Британия ва АҚШдан келган экспертлар олиб боради.

Бу йил асосий урғу иштирокчиларни техник қўллаб-қувватлашга қаратилади. Бунинг учун мураббий ва трекерлар сифатида стартапларни амалга оширишда катта тажрибага эга тадбиркорлар жалб этилади. Экспертлар таркибида — Paynet, MyTaxi, Robokidz асосчилари, Startup Factory директори ўрин олган.

Дастур якунлари бўйича битирувчи-жамоалар қизиқиш билдирган ташкилот ва инвесторларни жалб этиш учун Demo Day кунида ўз лойиҳалари тақдимотларини ўтказади. Demo Day якунлари бўйича энг яхши бешта лойиҳа стартапларни ривожлантириш учун беғараз инвестиция кўринишидаги пул маблағларига эга бўлади.

Дастур Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистон вилоятларида тадбиркорлик муҳитини такомиллаштириш» қўшма лойиҳаси доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.