Marvel саргузашт жангари фильмлар студиясининг «Қасоскорлар: Сўнгсизлик уруши» (Avengers: Infinity War) картинаси Американинг анъанавий People’s Choice Awards мукофотининг «2018 йил фильми» номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда РИА Новости ENews порталига таяниб хабар қилди.

Жеймс Фоулининг «Озодликнинг эллик жилоси» (Fifty Shades Freed) фильми йилнинг энг яхши драматик картинаси, Сузанна Фогелнинг «Мени ташлаб кетган жосус» (The Spy Who Dumped Me) фильми — энг яхши комедия, «Сепероила 2» (The Incredibles) мульфильми — энг яхши оилавий картина номинацияларида ғолиб бўлди.

Бундан ташқари, томошабинлар эркак ва аёл актёрлар орасидан энг яхши киноюлдузларни ҳам аниқлади. Эркаклар номинациясида «Қора қоплон» (Black Panther) фильмида бош ролни ижро этган Чедвик Боузман, аёллар ўртасида энг яхши киноюлдуз номинациясида эса «Қасоскорлар: Сўнгсизлик уруши» картинасида тасвирга тушган Скарлетт Йоханссон ғолиб бўлди.

People’s Choice Awards — Американинг томошабинлар ўртасида овоз бериш йўли билан поп-маданият намоёндаларига топширилувчи мукофоти. У 1975 йилдан буён ҳар йили топшириб келинмоқда. 2005 йилга қадар ҳар номинация бўйича ғолиблар социологик сўров ўтказиш орқали аниқланган бўлса, сўнгра Интернетда овоз бериш ташкил этилди.