13 ноябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида ўтаётган йилнинг 9 ойи давомида давлат бюджетининг ижроси ва 2019 йилги давлат бюджети лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Депутатлар «истеъмол нархлари ўзгаргани сабабли» аҳолининг умумий даромадларининг реал ўсиш суръатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111,4 фоизни (Давлат статистика қўмитаси маълумотларигакўра, 2017 йилнинг тўққиз ойи давомида 110,6 фоиз), умумий даромадларнинг аҳоли жон бошига нисбатан реал ўсиши суръатлари эса 109,5 фоизни (2017 йилнинг худди шу даврида 108,8 фоиз) ташкил қилганини қайд этди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағлар сарфланди. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 11,8 фоизни ташкил этди. 19 трлн сўм ёки ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларнинг 65,8 фоизи ойлик маошларни молиялаштириш ва иш ҳақларига ажратмаларга йўналтирилган.

2019 йилги давлат бюджети лойиҳасини ҳамда 2019−2021 йилларда бюджет сиёсати мақсадларини кўриб чиқар экан, депутатлар турар жойлар ва аҳолининг ижтимоий-маиший шароитлари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимларини яхшилаш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ва янги иш ўринларини яратиш масалаларини муҳокама қилди.

2019 йилда 54 фоиз давлат бюджети харажатлари ушбу мақсадларга йўналтирилади ва бунда ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш устувор аҳамиятини сақлаб қолади. 2019 йилда ижтимоий харажатларга 57,8 рлн сўм ажратиш режалаштирилган.

Жумладан, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва товон пуллари харажатлари 5,3 трлн сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 58,5 фоизга кўп демакдир. Моддий ёрдам олувчи кам таъминланган ва 14 ёшгача фарзандли оилалар сонини ошириш мақсадида 643,5 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган. Бу моддий ёрдам олувчи оилалар сонини 507 мингтадан 621 мингтага ёки 1,2 мартага ошириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда 2020−2021 йилларда прогноз кўрсаткичларини тасдиқлаган эди. Ҳозирда ҳужжатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ўрганилмоқда, Молия вазирлигига эса 15 ноябрга қадар расмий сайтига «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасини жойлаштириш топширилган.

ЮНИСЕФ томонидан 2018 йилда Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимларини баҳолаш учун уй хўжаликлари ўртасида ўтказилган умуммиллий сўров эса кам даромадли оилаларнинг 75 фоизи ижтимоий нафақа олмаслигини кўрсатди. Экспертлар мамлакатда ижтимоий ҳимоя тизими узуқ-юлуқ деган хулосага келган. Бу, ўз навбатида, соҳага инвестициялар киритиш самарасиз эканини тасдиқламоқда.

ЮНИСЕФ ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқиш ва ижтимоий ҳимоя сектори учун жавобгар бўлган ягона орган ташкил этиш орқали соҳа ҳолатини яхшилаш мумкинлигини таъкидлади.