Хабарингиз бор, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 15 ноябрь куни Австралиянинг Брисбен шаҳрида Ливан терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Терма жамоа футболчилари ва мураббийлар штаби кеча тунда Тошкентдан йўлга чиқди.Брисбенга аввалроқ келган Ўзбекистон делегацияси расмийлари бугун Ливанга қарши ўртоқлик ўйини бўлиб ўтадиган «Cbus Super Stadium» ўйингоҳига ташриф буюрди ва бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

Стадион 27 000 нафар мухлисга мўлжалланган бўлиб, бу ерда «Gold coast United» футбол жамоаси учрашувларни ўтказади. Бундан ташқари, «Gold coast Titans» регби жамоаси ҳам шу стадионда иштирок этади.

Ўйингоҳда 25 нафар футболчига мўлжалланган иккита кийим алмаштириш хонасии, музли бассейн, жакузи мавжуд. Шунингдек, мураббий футболчилар билан назарий ўқув жараёнларини ўтказиш учун алоҳида хона ҳам бор. Стадион чими аъло даражада, сифатли ва чиройли футбол намойиш қилиш учун тайёр.

Умид қилиб қоламизки, миллий терма жамоа 15 ноябрь куни ушбу стадионда Ливанга қарши учрашувда мазмунли ўйин кўрсатиб, юртимиздаги миллионлаб футбол мухлисларини хурсанд қилишади.

Эслатиш ўринли, уч нафар футболчи жароҳати туфайли Брисбендаги йиғинда ва Ливан ҳамда Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик ўйинларида қатнаша олмаслиги маълум бўлди. Булар — терма жамоамиз сардори, яқинда «Шанхай СИПГ» таркибида Хитой чемпионига айланган Одил Аҳмедов ҳамда «Пахтакор» футболчилари Фаррух Сайфиев ва Жасур Яхшибоев.