Малайзиянинг Aquila Emas Sdn Bhd медия компанияси вакиллари ўзларининг Ўзбекистонга амалга оширган 10 кунлик ташрифи якунларига кўра ўзбекистонлик шериклари билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзолади, дея хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Кинематографчилар делегациясининг мамлакатга ташрифини ташкиллаштирган Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси берган маълумотга кўра, фильмларни тасвирга олиш ишлари 2019 йилнинг бошига белгиланган.

Бўлиб ўтган ташриф чоғида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Миллий телерадиокомпания, «Ўзбекфильм» компанияси, бошқа тузилмалар, шунингдек Хоразм ва Бухоро вилояти ҳокимиятлари, жумладан мазкур вилоятларнинг етакчи маҳаллий телеканаллари раҳбариятлари билан учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида биргаликда бадиий фильм тасвирга олиш тўғрисида келишувга эришилди. Суратга олиш ишлари Хоразм ва Бухоро вилоятларининг чўл ва тоғ манзаралари, қадимий шаҳарлари ва меъморчилик обидаларида олиб борилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси тўғрисида 6 серияли туристик телевизион дастурни яратиш ҳам режалаштирилган.

Бадиий фильм ва туристик телесериал Малайзиянинг етакчи телеканалларидан бири ТВ2 да прайм-тайм вақтида эфирга узатилади. 10 млн кишидан ортиқ аудиторияга эга ушбу канал нафақат Малайзия, балки Сингапур ва Бруней ҳудудида ҳам томошабинларига эга.