Жиноят ишлари бўйича Оқтўбе туманлараро суди 9 ноябрь куни январда Самара-Чимкент трассасида автобус ёниши натижасида ҳаётдан кўз юмган 52 ўзбекистонлик ўлими тўғрисидаги иш бўйича ҳукм чиқарди, дея хабар қилди Nur.kz.

Автобуснинг уч нафар ҳайдовчиси беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳамда етти йил муддатга автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Автобусга хизмат кўрсатган компания таъсисчиси ва механиги уч йил ва олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Уларга беш йил муддатга йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи компанияларда лавозимларда фаолият кўрсатиш тақиқланди.

Бундан ташқари, судланувчилар ҳалок бўлганларнинг қариндошларига 2 млн тенгедан маънавий зарар тўлашлари лозим.

Судланувчилар жазони колония-манзилгоҳларда ўтайдилар.

18 январь куни Самара-Чимкент трассасида Россияга кетаётган Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ёниб кетган эди. Уч ҳайдовчи ва икки йўловчи тирик қолди. Тергов вақтида ёнғинга автотранспорт воситасидан фойдаланиш қоидалари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши, аниқроқ айтганда — автобус салонида чўлғама лампалардан фойдаланилгани сабаб бўлган.