9 ноябрь куни Бекобод шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасига 8-сонли мактабгача таълим муассасасининг 8 нафар тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиши ташҳиси эҳтимоли билан ётқизилган, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Бекобод шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган терговга қадар текширув давомида, ҳозирги кунга қадар 8-сонли мактабгача таълим муассасасининг жами 56 нафар тарбияланувчиси ва 2 нафар тарбиячиси тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган бўлиб, уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 10 ноябрдаги маълумотномасига кўра, мурожаат қилган шахсларнинг соғлиги даражаси ўртача оғирликни ташкил этиб, «овқат токсикоинфекцияси» ташҳиси қўйилганлиги кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан судга оид кимёвий ва бактериология экспертизалари тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Бош прокуратура томонидан текширув ҳаракатлари устидан тегишли назорат ўрнатилган.