Навоий вилояти Кармана туманидаги 10-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шарофиддин Бобомуродов «Тибет барбараси», «Хитой деразаси» каби номлар билан маълум бўлган «Годжи» мевали ўсимлигини ўз томорқасида етиштиришга эришди. Бу ҳақда ЎзА Ёшлар иттифоқи ахборот хизматига таяниб хабар қилди.

«Томорқамизда 3 сотихли иссиқхона бор. Унда лимон, папая, мандарин каби меваларни етиштираман, — дейди Ш. Бобомуродов. — Дарсдан бўш вақтларим асосан шу иссиқхонада ўтади. Анчадан бери «Годжи» мевали ўсимлигини Ўзбекистонда етиштиришга қизиқиб келардим. Ушбу мевани томорқамда етиштириш учун интернет тармоғи орқали буюртма бериб, икки ой деганда қабул қилдим. Ҳозирги кунга келиб, мева кўпайган. Унинг ниҳоли ва қуритилган мевасини бозорга сотиш учун тайёр қилиб қўйдим. Бу оилам даромадига ҳам яна қўшимча фойда бўлди.

«Годжи» мевали ўсимлиги таркибида саратон касаллигининг олдини олувчи минерал модда мавжуд бўлиб, у табиатда жуда камёб ҳисобланади. Ўсимлик иқлим шароити туфайли Хитойнинг Тибетида ўсади.