Тошкентда дзюдо бўйича нуфузли Гран-при мусобақаси старт олди. Бугун ўтказилган баҳсларда уч нафар ўзбекистонлик спортчи совриндорлар қаторидан ўрин олди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

-60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Диёрбек Ўрозбоев турнир давомида Эрон, Германия ва Мўғулистон вакилларини мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди. Ҳал қилувчи баҳсда у бошқа бир мўғулистонлик спортчи Болдбаатар Ганбатга қарши баҳс олиб борди ва имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, Диёрбек Тошкент Гран-присининг кумуш медали билан кифояланди. Қайд этиш лозимки, ушбу нуфузли мусобақага айни пайтда Тошкентда бўлиб турган Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) президенти Ғофур Раҳимов ҳам ташриф буюрди ва совриндорларни тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Шунингдек, -66 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Сардор Нуриллаев финалга қадар Қирғизистон, Россия, Мўғулистон, Озарбайжон вакилларидан устун келди ва ҳал қилувчи баҳсга етиб борди. Олтин медаль учун кечган баҳсда у словениялик Адриан Комбокка қарши татамига чиқиб, мағлубиятга учради ва кумуш медалга сазовор бўлди.

Ушбу вазнда баҳсларда иштирок этган бошқа бир спортчи Шаҳрам Аҳадов Исроил, Сербия вакилларини мағлубиятга учратди. Чорак финалда эса озарбайжонлик рақибга имкониятни бой бериб қўйди. Бронза медали учун баҳсларда у Мўғулистон ва Россия терма жамоаси вакилларидан устун келиб, Тошкент Гран-приси совриндорига айланди.

Шу тариқа, ўзбекистонлик дзюдочилар мусобақанинг биринчи кунида 2 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишди.

Эртага Тошкент Гран-присида эркаклар ўртасида -73 кг, -81 кг, аёллар ўртасида эса -63 кг ва -70 кг вазн тоифаларида баҳслар ўтказилади.