«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти жамият фаолиятини ривожлантириш, кўрсатилаётган транспорт хизмати суръати ва сифатини яхшилаш, йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратишда аҳолининг талаб ва таклифлари ҳамда мурожаатларини инобатга олмоқда. Янги «183-Бинокор қўрғони — Дўстлик метро бекати» ҳамда «120-Келес шаҳарчаси — Чорсу метро бекати» йўналишлари ҳам аҳоли мурожаатлари асосида ташкил этилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабар берди.

3- ва 5-автосаройлар томонидан автобуслар бириктирилиши кўзда тутилган мазкур янги йўналишларда қатновларни йўлга қўйиш масаласи анчадан буён ўз ечимини кутаётганди. Жамият таркибидаги автосаройларга янги автобусларнинг келтирила бошлагани натижасида қўшимча йўналишлар очишга имкон яратди.

Шу ўринда савол туғилади. Хўш, шу кунгача ушбу йўналишларда ҳеч қандай транспорт қатнови йўлга қўйилмаганмиди? Бу йўналишларда хусусий ташувчилар транспорт хизматлари кўрсатиб келган. Афсуски, улар томонидан йўловчилар учун ҳеч қандай имтиёзлар берилмаган. Аҳолининг мурожаатларига ҳам аслида ана шундай ҳолатлар сабаб бўлган, дейилади хабарда.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, «Тошшаҳартрансхизмат"АЖ томонидан транспорт хизмати кўрсатилаётган автобус йўналишларида ойлик йўл чипталари, имтиёзли гувоҳномалар ҳамда жетонлар тўла амал қилади.