27 октябр куни Тошкентнинг Учтепа туманидаги 236-мактабда 11-«А» синфида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўқувчилар ҳамда тарих фани ўқитувчиси ўртасида юзага келган келишмовчилик тартибсизликка айланиб, ўқитувчининг енгил тан жароҳати олишига сабаб бўлди, дея хабар қилди «Халқ сўзи» нашри.

«Айни пайтда ушбу мактабда Учтепа туманида жойлашган 4 та маҳалла фарзандлари таҳсил олмоқда. Жумладан, Истироҳат, Шафтолизор, Ўткир ва Жарбулоқ маҳаллаларининг фаоллари шу муносабат билан мактабда ташкил этилган муҳокамада ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан юзма-юз суҳбатлашишди», — дейилади хабарда.

Тадбирда маҳалла фаоллари ота-оналарнинг болалар тарбиясидаги алоҳида масъулияти хусусида тўхталиб ўтишди. Мактабда ўтказилган бир неча йиғилишларга қатнашмасдан бефарқлик билан қараётган ота-оналар танқид қилинди. Бундан кейин маҳалла — мактаб — ота-оналар ҳамкорлигини янада кучайтириш, маҳалла ҳузуридаги «Ота-оналар университети» фаолиятини жонлантириш хусусида келишиб олинди.

Худди шундай йиғилиш маҳаллалар миқёсида ҳам ташкил этилиб, қоидабузар ўқувчиларга маҳалла фаоллари, ота-оналар, мактаб жамоаси ва нуронийлар томонидан устоз мақоми, уни ҳурмат-иззат қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.