Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида Жиззах вилоятида кўрсатилган хизматлар ҳажми 2 триллион 272 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,4 фоизга ошди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги сайтида хабар берилди.

Бу рақамларнинг амалдаги самарасини давлат томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли қишлоқ туманларида хизмат кўрсатиш тармоқлари кенгайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, «Обод қишлоқ» дастури амалга оширилаётган ҳудудларда савдо, маданий-маиший ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан Мирзачўл туманида жорий йилнинг 9 ойида 50 дан зиёд хизмат кўрсатиш, сервис ва ишлаб чиқариш объекти барпо этилган. Шу даврда аҳолига жами кўрсатилган хизматлар ҳажми 62,1 миллиард сўмни ташкил этган. Хизмат кўрсатиш аҳоли жон бошига 591 минг сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига қараганда 8 фоизга ўсган.