Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Тошкент шаҳридаги спорт иншоотларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатини ва ўз муддатида бажарилишини кўздан кечирди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси томонидан жорий йилда пойтахтда 2 та ёпиқ сузиш ҳавзаси, 2 та спорт мажмуасининг янги қурилиши, 2 та мавжуд спорт иншоотларининг капитал таъмирланиши белгиланган эди.

Дилмурод Набиев томонидан ўрганиш жараёнида Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманларидаги спорт иншоотларининг қурилиши, капитал таъмирланиши борасида олиб борилаётган ишлар қониқарли даражада ташкил этилмаётганлиги аниқланди.

Хусусан, Миробод тумани Қўйлиқ-3 мавзесида жойлашган Спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг сунъий қопламали стадионидаги ишлар ўз ниҳоясига етказилмаганлиги аниқланди.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек тумани 1-болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли «Катта Қорасув» маҳалласи ҳудудида жойлашган ёпиқ сузиш ҳавзаси ва Учтепа тумани «Кўҳна Чўпонота» маҳалласида жойлашган 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг ёпиқ сузиш ҳавзалари жорий йил фойдаланишга топширилиши белгиланган. Аммо айрим масъулларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги сабабли, қурилиш ишлари орқада қолган.

Вазир масъулларга ушбу ҳолат ва мавжуд муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ кўрсатмалар ва қатъий огоҳлантириш берди ҳамда кунига навбати билан 2 сменада иш ташкил этиб, 2018 йил 25 декабрь санасига қадар объектларни топшириш вазифасини юклади. Шунингдек, вазир қурувчиларга аввало, сифатга эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтди.

Дилмурод Набиев муассаса раҳбарларига замонавий маркетинг усулларидан унумли фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шерикчилиги кўринишида ҳамкорликни йўлга қўйиш, олинган даромад ҳисобидан бассейнлар иш фаолиятини самарали ташкил этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фидойи мураббийларни тақдирлаш лозимлигини таъкидлади.