Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими қошида «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби"очилди, дея хабар қилди ЎзА. У «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» мустаҳкам ва намунали оилалар кўпайишига сезиларли ҳисса қўшишига шубҳа йўқ. Бу ерда бўлғуси келин-куёвлар учун оилавий муносабатларнинг маънавий-ахлоқий асослари, оила иқтисодиёти, рўзғор ва бюджетини юритиш, оиладаги ижтимоий муҳим, никоҳ муносабатлари, соғлом турмуш тарзи, гендер масалалари, оилавий муносабатларни уйғунлаштириш ва низоларнинг олдини олиш, мулоқот маданияти, ҳуқуқий муносабатлар, оилани идора этиш каби масалалар юзасидан маҳорат дарслари ўтилади", — дейилади хабарда.

«Мавжуд ўқув дастурларидаги маълумотлар илмий-услубий жиҳатдан, яъни миллий қадриятлар асосларининг замоннинг фан ва жамият тараққиёти тенденциялари билан, психология ва бошқа ижтимоий-ҳуқуқий соҳалардаги янгиликлари — инновациялари билан уйғун ҳолда амалга оширилади. Қизлар учун „Оила“ маркази томонидан ишлаб чиқилган „Оила сабоқлари“ мобиль иловаси, келин-куёвлар учун илк бор тайёрланган „Мустаҳкам оилага йўлланма“ ён дафтарчалари ёшлар келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга», — дея қайд этди ЎзА.

Инновацион мактабда мавжуд анъанавий мактаблардан фарқли равишда бўлғуси келин-куёвларни ўқитиш, якка ҳолда мутахассисларнинг маслаҳати бўйича хизматлар, муайян мавзулар бўйича гуруҳларда тренинглар ўтиш йўлга қўйилади.

Тадбирда бўлғуси келин-куёвларга оилавий ҳаёт асосларини ўргатишга бағишланган илмий ва бадиий адабиётлар тўплами совға қилинди.