Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон шаҳрида қуриб битказилган 360 та хонадондан иборат 8 та арзон кўп қаватли турар-жойларни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанада қатнашди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар берди.

«Буюк келажак» деб номланган янги мавзеда аҳоли сони йил сайин ортиб бормоқда. Яъни ўтган йили бу ерда 225 та оилани ўз бағрига олган 5 та 5 қаватли уй қурилган эди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг Гулистон шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Назар Қаршибоевнинг маълум қилишича, янги уй соҳибларидан 7 нафари имконияти чекланган, турар-жойга эҳтиёжманд оила бекалари ҳисобланади. Эътиборлиси, улар олган уйларнинг бошланғич бадали ҳам тўлаб берилди.

Тадбирда шунингдек, «Буюк келажак» мавзесида 7 қаватли арзон турар -жойлар қуриш мўлжалланаётганлиги ҳам айтилди.