Халқаро велосипедчилар Иттифоқи (UCI) йил якунларига кўра Осиёда биринчи, Ўзбекистон тарихида эса илк маротаба велосипед спорти бўйича профессионал аёллар терма жамоаси 680 очко билан велосипед спортининг шоссе йўналиши бўйича жаҳон рейтингида 20-поғонада турганлигини маълум қилди.

Бу кўрсаткичда велосипед спорти бўйича аёллар миллий терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинскаянинг ҳиссаси катта. Жорий йилнинг 14 октябрь куни Францияда шоссе бўйича профессионал велоспортчилар ўртасида «Chrono des Nations» халқаро турнирида велосипед спорти бўйича Ўзбекистон аёллар Миллий терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская ҳам иштирок этиб, 26,5 километр масофага ўтказилган пойгада барча рақибларини ортда қолдириб 35 дақиқа 54 сония (ўртача тезлик 45 км/соат) биринчи бўлиб маррага етиб бориб, олтин медални қўлга киритган эди.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 28 октябрь куни «Миллий» стадионда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ОБСЕ) билан ҳамкорликда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон велосипед спорт федерацияси раиси Т.Нарбаева худудларда велосипед спорти бўйича хаваскор аёллар клубларини ташкил этиш аёлларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга, уларнинг хуқуқ ва эркинликларини химоялашга, жамиятда ўз ўринларини топишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтиб, келажакда велосипед спорти бўйича Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоа аъзоси О.Забелинскаянинг аёллар терма жамоасини шакиллантириш бўйича масъул этиб тайинлаш, Европадаги профессионал аёллар клублари билан ҳамкорлик ўрнатган холда, хар бир худуддларда велосипед спорти бўйича аёллар клублари ташкил этиб, мазкур клубларда О.Забелинская иштирокида маҳорат дарслари ўтиш режалаштирилганлигини таъкидлаб ўтганди.