Спорт турларини ривожлантириш, саралаш ишларини такомиллаштириш, соҳага янги замонавий методларни жорий этиш мақсадида 2018 йил 18 октябрда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг «Спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаблари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи қабул қилинди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур буйруқ асосида Республика олий спорт маҳорати мактаблари (РОСММ) ҳузуридаги Тренерлар кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланиб, кенгаш фаолияти янгича кўринишда йўлга қўйилди, ваколатлари кенгайтирилди.

Жумладан, спорт таълими муассасаларининг катта тренер ва йўриқчи-услубчи лавозимига номзодлар РОСММлар ҳузуридаги Тренерлар кенгаши билан келишилган ҳолда сараланади. Бу қуйи тизимдаги спорт таълими муассасаларидаги иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва тажрибали мураббийлар орқали уларнинг қобилиятини янада ошириш имконини беради.

Буйруқда шунингдек, мусобақаларга спортчиларни юбориш ва спорт тадбирларини ташкил этишда тренерлар кенгаши хулосаси талаб қилиниши белгилаб қўйилди. Ҳудудларда ўтказилаётган мусобақа мазмуни ва самарадорлигини бойитиш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари 2019 йилдан бошлаб барча турдаги оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг ягона календарь режасини тегишли спорт турлари бўйича РОСММлар билан келишган ҳолда белгилайди.

Ҳужжатдаги яна бир муҳим жиҳат — спортчиларни саралаш (селекция) ишларини самарали йўлга қўйиш мақсадида РОСММлар штат жадвалига давлат тренер-селекционер ва спорт-менежери лавозимлари киритилди.

Ушбу буйруқ асосида РОСММ ҳамда бошқа спорт таълим муассасалари, федерация (уюшмалар)лар спорт турларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни таъминлаш схемаси тасдиқланди. Мазкур схема орқали ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг ягона тизими яратилди.

Шу кунгача Республика олий спорт маҳорати мактаблари (РОСММ), ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда бошқа спорт таълим муассасалари ва нодавлат ташкилотлари ўртасида соҳани ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорликнинг йўқлиги, аниқ механизмнинг яратилмагани селекция ишларини самарали йўлга қўйишга тўсқинлик қилган. Оқибатда, чекка-чекка ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар эътиборсиз қолиб кетаверган.

Маълумот учун: Бугунги кунда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида спорт яккакурашлари, спорт ўйинлари, спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари, гимнастика, сув спорти, енгил атлетика, от спорт турлари турлари бўйича жами 7 та Республика олий спорт маҳорати мактаби фаолият кўрсатмоқда.