Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 октябрдаги қарори билан эндиликда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси ҳам ўз ходимларини пойтахт ва пойтахт вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига тегишли қўшимча киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси президентнинг 2017 йил 31 фармонига мувофиқ ташкил этилган. Орган илгари собиқ Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг ваколатига кирган йўналишни назорат қилади.

Маълумот учун: доимий прописка Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхатининг 11-бандига биноан расмийлаштирилади. У юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассисларга, шунингдек уларнинг оила аъзоларига (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) лавозимда турадиган даврга берилади.

Прописка олиш учун ҳужжатларга қўшимча равишда раҳбарнинг (Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг) илтимосномаси, шунингдек лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқдан кўчирма тақдим этилади.