Халқаро йўналишларда қатнайдиган йўловчи поездларига чипталарнинг олдиндан харид қилиш муддатига қараб белгиланган чегирмаларга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, 30−31 октябрь кунлари Тошкентда Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон йўловчи ташувчи темир йўл маъмурияти вакиллари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда йўловчи ташиш борасидаги қўшимча қулайликлар ва имтиёзлар бўйича бир қатор келишувларга эришилди.

Келишувларга кўра, шу вақтга қадар йўловчи св ва купе вагонлар учун чиптани поезднинг жўнаш кунидан 45−31 кун олдин харид қилишида белгиланган 45 фоизлик чегирма 45−41 кун олдин 55 фоизга кўтарилди. 40−31 кун оралиғида харид қилинган йўл чипталар учун 45 фоиз ва 30−6 кун оралигида харид қилинган чипталар учун 35 фоиз имтиёз белгиланди.

Шунингдек, эндиликда йўловчилар плацкарт вагонлари учун чиптани 45−41 кун олдин харид қилса 45 фоиз, 40−31 кун оралиғида 35 фоиз, 30−6 кун муддатда эса 25 фоиз чегирмага эга бўлади.

Тадбир давомида вагонларда сервис хизматини янада ошириш борасида фикр юритилди. Ҳамкорликда янги йўналишларни жорий этиш, унинг техник ва технологик жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.