Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан «Ўқитувчи мақоми тўғрисида» қонун лойиҳасини ишлаб чиқилди ва уни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

2018 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев халқ таълими соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни бошлади ва Халқ таълими вазирлигининг янги жамоасига жамиятда ўқитувчи мақомини ошириш бўйича қатор вазифалар қўйилди. Унга кўра Халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, 2018 йилнинг 5 сентябрь куни «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатда «Ўқитувчи мақоми тўғрисида» қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш вазифаси қўйилган эди.

Қонун лойиҳаси ўқитувчиларнинг мақомини ва педагогик фаолият принципларини ҳамда ўқувчиларнинг малакасини ошириш бўйича тизимни белгилаб беради.

Ҳужжатда ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари белгиланади. Хусусан, ўқитувчиларнинг иш ҳақидан қонунчиликда кўзда тутилмаган тўловларни, жумладан даврий нашрларга обуна бўлиш, асоссиз маошидан ушлаб қолиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасига кўра, таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий меҳнат, шаҳар ва туман ҳудудларини кўкаламлаштириш ва ободлаштириш ишларига, металлолом ва макулатура йиғишга, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ва шунга ўхшаш бошқа ишларга жалб этиш тақиқланади.

Ота-оналар ўқитувчининг профессиональ мажбуриятлари доирасига кирадиган масалаларга асоссиз аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Қонун лойиҳасида ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва индивидуал педагогик фаолиятга доир ҳуқуқларини белгилаб бериш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги «Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш учун барчани, жумладан малакали педагогларни муҳокамага чорлайди. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2018 йилнинг 15 ноябрига қадар давом этади.