Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди, дея хабар берди Адлия вазирлиги Telegram-каналида.

Қарор билан Ҳадис илми мактабининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш;

ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва унинг натижалари асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш.

Мактабда ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади.

Шунингдек, «Ҳадисшунослик» таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

2018−2019 ўқув йили учун қабул квотаси жами 10 та ўрин этиб белгиланган ва унга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади.

Мактаб битирувчиси таълимни ўз ихтисослигига кўра Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистратурасида давом эттириши, таянч докторантура ва докторантура босқичларида таҳсил олиши мумкин.

Ҳадис илми мактаби Президентнинг 2018 йил 16 апрелдаги фармони билан ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади.