Жорий йилда содир этилган терактларнинг ярмидан ортиғи Афғонистонда амалга оширилди, дея маълум қилди Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Рашид Алимов 31 октябрь куни.

Тошкентда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ШҲТга аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, БМТ, ЕХҲТ, МДҲ халқаро аксилтеррор тузилмалари вакиллари иштирокида «Терроризмга қарши кураш — чегарасиз ҳамкорлик» халқаро конференциясини ўтказмоқда.

«(Жорий йилдаги — таҳр.) ҳужумларнинг ярмидан кўпи жабрдийда Афғонистонда толиблар ва „Ислом давлати“ жангарилари томонидан амалга оширилди», — деди Рашид Алимов анжуманни очар экан.

Халқаро экспертлар ҳисоб-китобларига таяниб, у жорий йилнинг тўққиз ойи давомида дунёда 1550 террористик хуруж амалга оширилганини қайд этди.

«Бу кунидан бешдан ортиқ теракт дегани», — дея қўшимча қилди Рашид Алимов. Мазкур терактларнинг 40 фоизи ўқ отар қуроллар ва портловчи воситалар, 24 фоизи эса автомобилларга бомба қўйиш орқали содир этилган.

ШҲТ бош котиби Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ШҲТга аъзо давлатлар фуқаролари тинч ва хотиржам ҳаёт кечиришлари учун барча имкониятларни ишга солаётганини таъкидлаб ўтди.

У ШҲТ БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари, жумладан Контртерроризм бошқармаси ва бошқа тузилмалар, шунингдек халқаро ташкилотлар билан терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликни мунтазам кенгайтиришини қайд этиб ўтди.