Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев прокуратура органларига Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексиёрдам кўрсатиш комплексига ёрдамлашиш вазифасини топширди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

29 октябрь куни давлат раҳбари фармони билан комплекс раҳбари, бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев фаолиятидаги камчиликлар сабабли лавозимидан озод қилинган эди. Ҳужжатда Бош прокуратурага қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонун бузилишлари устидан текширув ўтказиш топширилди.

31 октябрь куни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича бўлиб ўтган йиғилишда президент сув тежовчи технологияларни жорий этиш секинлик билан амалга оширилаётганини танқид қилди. 140 минг километрлик коллектор-дренаж тармоқларини сақлаш учун жуда кўп маблағ сарфланмоқда, дея қайд этди у.

«Сувни тежовчи технологияни қўллаш ҳисобига 50−60 фоиз сувни иқтисод қилиш мумкин. Биргина кўчма эгилувчан қувурлардан фойдаланиш сувни 10−15 фоизга, томчилатиб суғориш эса 35−65 фоизга тежаш имконини беради. Лекин, томчилатиб суғориш тизими жуда кам майдонларда жорий этилган, холос», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, 2019−2021 йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермерлар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Исроил давлатининг бу борадаги тажрибаси кўрсатиб ўтилди. У ерда қишлоқ хўжалиги томчилатиб суғоришга мослашгани учун бир километр ҳам коллектор дренаж тармоғи ва шўрланган майдонлар йўқ. Мелиорация тадбирларига умуман харажат қилинмайди.

Қишлоқ хўжалиги комплексидаги энг асосий масалалардан бири экспортбоп мева-сабзавот етиштириш ва уни экспорт қилишдир. Аммо Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси ҳудудлар раҳбарлари билан тизимли иш олиб бормагани оқибатида экспорт прогнозини тўлиқ таъминлай олмаслик хавфи мавжудлиги қайд этилди.

Йиғилишда тегишли вазирлик ва ташкилотларга Россия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Япония ва бошқа давлатлар бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш бўйича кўрсатма берилди.