Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Туркиянинг «Вahadir kul mimarlik inshaat taah.tic.ve san» LTD лойиҳа компанияси билан ўтказилган учрашувда компания томонидан янги технологиялар ва енгил конструкциялар асосида лойиҳалаштирилган объектлар таклиф этилди.Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 20 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда соҳанинг олдида турган вазифа ва мавжуд муаммолар тўғрисида тўхталиб ўтилиб, спорт объектларини қуришда ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва қурилаётган лойиҳаларга татбиқ этиш вазифалари белгилаб берилган эди.

Шунга мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан Ўзбекистонда қуриладиган спорт объектларининг жаҳон андазаларига мослигини таъминлаш ва илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсадида борасида қатор халқаро компаниялар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, вазирликда ўз лойиҳасини таклиф этган Туркиянинг «Вahadir kul mimarlik inshaat taah.tic.ve san» LTD лойиҳа компанияси бугунги кунга қадар мазкур компания дунёнинг кўпгина давлатларида замонавий ва сифатли спорт иншоотлари қурган.

Компания томонидан вазирликка тақдим этилган лойиҳаларнинг аҳамиятли томони шундаки, ушбу лойиҳалар жаҳон стандартлари талабига жавоб бериши билан бир қаторда спорт турларига қараб ихтисослашган лойиҳалар ҳисобланади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев хорижий компания вакиллари билан учрашувда қуриладиган спорт иншоотлар узоқ муддат самарали хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидаги маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда лойиҳалар ишлаб чиқишни сўради.

Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш бўйича бир қанча муҳим келишувларга эришилди.