Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Б.Файзиев тўйларда қўшиқчилик, сухандонлик, видео-тасвирчилик билан шуғулланаётганларнинг қай даражада қонуний фаолият кўрсатаётгани ҳақидаги саволларга жавоб берди.

— Гастроль-концерт, шу жумладан, сухандонлик фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш мумкинми?

— Йўқ мумкин эмас. Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳамда тантанали маросимларини ташкил этиш хизматлари белгиланган бўлиб, концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш бўйича рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар даромад солиғи тўлашдан озод қилиниб, ҳар ойда фақат энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадаллари тўланиши белгиланган.

Тантанали маросимларини ташкил этиш хизматларини амалга оширилиши бўйича рўйхатдан ўтган бўлса фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича қатъий белгиланган солиқ ҳамда энг кам иш ҳақининг бир вараваридан кам бўлмаган миқдорда суғурта бадали тўлайдилар.

— Тўй ва бошқа тантанали маросимларини ўтказиш бўйича тузилган санъаткорлар гуруҳининг солистида лицензия бўла туриб, бошқа гуруҳ аъзоларига алоҳида ушбу лицензия бўлиши ёки давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтиб якка тартибдаги тадбиркор бўлиши шартми?

-Шарт эмас. Юридик шахсни ташкил этмасдан Оилавий тадбиркорлик фаолияти бўйича рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор (солист) ўзининг гуруҳига яқин қариндошларини (отаси, ака-укалари) аъзо қилган ҳолда фаолият кўрсатишлари мумкин. Ушбу ҳолатда оилавий тадиркорнинг аъзолари ҳар ойда энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида суғурта бадали тўлайдилар.

Ёки, гуруҳ раҳбари томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, 3 нафаргача бўлган гуруҳ аъзоларини ёлланма ишчи сифатида рўйхатга киритиш орқали фаолият кўрсатилиши қонунда назарда тутилган. Ушбу ҳолатда ҳам ёлланма ишчи сифатида киритилган 3 нафаргача гуруҳ аъзолари ҳар ойда энг кам иш ҳақининг ярим баровари миқдорида суғурта бадаллари тўлайдилар.

— Лицензия олмасдан ушбу фаолият тури билан қайси тартибда шуғуланса бўлади?

— Тадбиркорликнинг «Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш» бўйича рўйхатдан ўтган тақдирда лицензия талаб қилинади. «Тантанали маросимларини ташкил этиш хизматлари"ни (тўй, юбилей, туғулган кун ва ҳоказо) амалга оширилиши бўйича давлат рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатилса, фаолиятни амалга оширадиган ҳудуд бўйича қатъий белгиланган (даромад) солиқ ва суғурта бадали тўланади.

— Тўй ва бошқа тантанали маросиларда аҳолига сухандонлик, фото ва видео тасвирга тушуриш хизмати билан ҳам алоҳида ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатиш мумкинми?

— Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида «Видео ва фотосуратга олиш хизматлари» фаолиятини амалга ошириш белгиланган бўлиб, ушбу фаолият билан рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятни амалга оширадиган ҳудуд бўйича қатъий белгиланган (даромад) солиқ ва суғурта бадали тўлайди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда замонавий миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, эстрада ижрочиларининг профессионал маҳоратини ошириш ҳамда иқтидорли ёш хонандаларни кашф этиш учун барча зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилган. Шунингдек, тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарда концерт хизматидан ташқари бошқа турдаги яъни, тўй-хашамларда бошловчилик қилиш, суратга олиш ва видео-тасвирга тушириш хизматиларини ҳам кўрсатиш чекланмаган.

Бунинг учун ушбу хизматни кўрсатувчи шахслар амалдаги тартиб бўйича «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан берилган лицензияга эга бўлиб, ҳар ой якунида энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўловини тўлашлари керак.

Лицензиясиз фаолиятни амалга оширмоқчи бўлган шахслар эса якка тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, республика миқиёсида фаолиятини амалга оширмоқчи бўлса ҳар ойда энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида, вилояларда мазкур фаолиятни амалга оширмоқчи бўлса энг кам иш ҳақининг бир ярим баравари миқдорида, шунингдек, вилоятнинг маълум бир туманида фаолият кўрсатмоқчи бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар энг кам иш ҳақининг икки ярим баравар миқдорида қатъий белгиланган солиқ ва энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўловини тўлашлари лозим.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, айрим ижтимоий тармоқларда баъзи санъаткорлар Мурожаат билан чиқиб, лецензиядан ташқари энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўловини тўлашни бекор қилишни талаб қилишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида суғурта бадали тўлови барча фуқаролар, жумладан мурожаат этувчиларнинг ҳам келгусидаги пенсия таъминотини кафолатлашга қаратилган.